Россия ҳарбийлари Мариупол атрофида мудофаа истеҳкомларини қуришга киришди. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлиги Украинадаги урушнинг боришига оид кунлик шарҳида маълум қилди.
Мудофаа чизиғи «аждаҳо тишлари» деб номланувчи бетон пирамидали танкка қарши блоклардан қурилмоқда. Британия ҳарбийларига кўра, бундай конструкциялар Россиянинг иккита заводида ишлаб чиқарилади.
«Аждаҳо тишлари» Мариупол ва Николское қишлоғи ўртасида, шунингдек, шаҳарнинг шимолий чеккасидан Старий Крим қишлоғигача масофада ўрнатилган, дейилади ҳисоботда.
Унда таъкидланганидек, Мариупол рус қўшинлари учун асосий таъминот линияси бўлиб, шаҳарнинг ўзи Россия ва Қрим ўртасидаги стратегик «қуруқлик кўприги»нинг бир қисми ҳисобланади.
Худди шу бетон конструкциялар ёрдамида, деб ёзади Британия вазирлиги, Запорожье вилоятининг қўшиб олинган қисмида ва Херсонда мудофаа истеҳкомлари қурилмоқда.
«Россия ўзининг ҳозирги фронт чизиғи ортида мустаҳкам мудофаа яратиш учун йирик саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, бу билан эса афтидан, ютуқлар бўлган тақдирда, Украинанинг ҳар қандай тарзда тез олға силжишига йўл қўймаслик мақсад қилинган», — дейилади шарҳда.
Октябрь ойида «Вагнер» ёлланма жангарилар гуруҳи Россияга қўшиб олинган Луганск вилоятида мудофаа чизиғини қуришни бошлагани хабар қилинганди. Ўнлаб километр истеҳкомлар Лисичанск ва Луганск атрофини қамраб олган бўлиши керак эди. «Вагнер»га асос солган тадбиркор Евгений Пригожин Украина билан бутун чегара бўйлаб шундай линияларни қуришни таклиф қилган.
Бироқ, Иккинчи жаҳон уруши тажрибаси шуни кўрсатадики, бундай мудофаа линияларини қуришга инвестициялар кўп ҳолларда ўзини оқламайди, деб эслатди Meduza. Уларни ёриб ёки четлаб ўтиш мумкин.
Изоҳ (0)