Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри бокс бўйича катталар ўртасидаги 2023 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши ҳақида маълум қилинганди.
Иорданиянинг Амман шаҳрида 7 ноябрь куни Халқаро бокс ассоциацияси (IBА) президенти Умар Кремлёв иштирокида ўтган матбуот анжуманида бу масала расман тасдиқланди ва мусобақа борасида бир нечта маълумотлар берилди.
Тошкент 2023 йилнинг 1—14 май кунлари Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон мезбонлигидаги мусобақада рекорд даражадаги мукофот пуллари берилади. Жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармаси 5,2 миллион долларни ташкил этади. Олтин медал эгалари 200 минг, иккинчи ўринлар 100 минг ва бронза медал эгалари 50 минг долларга сазовор бўлади.
Маълумот учун, бокс бўйича Жаҳон чемпионати 1974 йилдан бери ўтказиб келинади. 1986 йилга қадар ҳар тўрт йилда бир бўлган мусобақа 1989 йилдан бошлаб ҳар икки йилда ўтказилади. Тошкент илк бор мазкур турнирга мезбонлик қилади.
Ўзбекистон пойтахти 1995, 1997 ва 2017 йилларда Осиё чемпионатига мезбонлик қилган.
Изоҳ (0)