Фарғонада 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжалланган Ўзбекистондаги илк экошаҳар барпо этилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида барпо этилаётган экошаҳарда – «Янги Ўзбекистон» массивида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишган.
Экошаҳарда бугунги кунда 69 та кўп қаватли турар-жой қад ростламоқда. Шунингдек, иккита мактаб, иккита мактабгача таълим муассасаси, битта шифохона, тўрт минг ўринли амфитеатр қурилиши давом этмоқда.
Жанубий Корея тажрибаси асосида барпо этилаётган экошаҳар ҳудудида 7, 9, 12, 25 қаватли 298 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шундан 80 таси бу йил тадбиркорлар томонидан барпо этилади.
Шунингдек, иккита умумтаълим мактаби, учта мактабгача таълим ташкилоти, тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, спорт мажмуаси ва масжид қурилади. 50 гектарда ташкил этиладиган кичик саноат зонаси аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Мавзе ўртасидаги 70 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон боғи» ва сунъий кўл ташкил этилади. Боғ ҳудудида жами 21 минг туп дарахт экилиши режалаштирилган. Ҳозирданоқ 10 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари ўтқазилган.
Эслатиб ўтамиз, Фарғонада 300 гектар майдонда экошаҳар барпо этилиши ҳақида 2021 йилнинг августида маълум қилинганди.
Изоҳ (0)