Финляндия ва Швеция Туркия томони юборган экстрадиция рўйхатидан бирорта террорчини ҳалигача Анқарага топширгани йўқ. Туркия адлия вазири Бекир Боздаг Хелсинки ва Стокгольмни террорчиларни экстрадиция қилишдан бош тортишда айблади, деб ёзмоқда «ТАСС».
Туркия Адлия вазирлиги раҳбари Анқара ўз талабларини икки давлатга етказганини таъкидлади. «Экстрадиция мавзуси муҳокама қилинмоқда, бироқ террорчилик фаолияти билан шуғулланган шахсларни экстрадиция қилиш масаласида ҳозирча ижобий ўзгаришлар бўлгани йўқ», — деди у.
Боздагнинг сўзларига кўра, экстрадиция масаласи, хусусан, Швеция бош вазири Улф Кристерссоннинг 8 ноябрь куни Туркияга ташрифи чоғида муҳокама қилинади.
Аввалроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркияга ташриф буюриб, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиши ҳамда Швеция ва Финляндиянинг альянсга аъзолиги масаласини муҳокама қилиши ҳақида хабар қилинганди. Столтенберг альянснинг барча аъзолари янги мамлакатларнинг қўшилиши тўғрисидаги протоколни имзолашига ишонч билдирган.
6 июль куни Туркия Швеция ва Финляндияга Курдистон ишчилар партияси ва Фатҳуллоҳ Гуленнинг FETO мухолифат ташкилоти аъзоларини экстрадиция қилиш бўйича расмий сўров юборган эди. Бу Анқаранинг ушбу икки давлатни НАТОга қабул қилиш шартномасини маъқуллаш шарти деб аталди.
Изоҳ (0)