Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Кореяда бўлиб турибди. Унда «Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Корея маркази» қўшма лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокалар ўтказилди.
Қайд этилишича, ушбу ташриф Ўзбекистон—Корея қўшма лойиҳасининг таркибий қисмларидан бири бўлиб, унинг мақсади Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш, ахборот-коммуникация технологияларини рақамлаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишдан иборат. Шунингдек, сунъий интеллектни ривожлантириш, электрон ҳукумат архитектураси ва тузилмасини оптималлаштириш ва рақамли кўникмаларни ошириш мақсад қилинган.
Шу мақсадда Корея Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги (МOIS) Рақамли ҳукумат бюроси бош директори Со Борам билан музокаралар ўтказилди. Мулоқот чоғида О. Пекос Корея ахборот технологиялари ва электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича дунёда ҳақли равишда етакчи ўринни эгаллаб туришини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, айнан Корея Ўзбекистоннинг ушбу соҳалардаги асосий стратегик шерикларидан бири экани, музокараларда кореялик ҳамкорларнинг Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси юқори эканини айтиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, хусусан, электрон ҳукуматни ривожлантириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларини рақамлаштириш, сунъий интеллект бўйича Кореянинг илғор тажрибасини ўрганиш, таълим, икки давлат технопарклари ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Изоҳ (0)