Россиялик MMA жангчиси Александр Писарев 33 ёшида оламдан ўтди.
Спортчи оқшомни рафиқаси ва дўстлари даврасида ўтказган. Писаревнинг рафиқаси сўзларига кўра, улар биргаликда тарвуз истеъмол қилган. Шундан сўнг қорин соҳасида оғриқ ҳис қилган.
Тез ёрдам Писаревлар оиласи хонадонига икки марта ташриф буюрган. Натижада Александр вафот этган ва унинг рафиқаси шифохонага ётқизилган.
«Дастлабки ташхис — озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги заҳарли моддаларнинг токсик таъсири», — дейилади манбада. Тиббий текширув натижаларига кўра шундай хулосага келинган.
Писаревнинг рафиқаси бир кун олдин дўстлари билан бирга шароб ичгани ва қуритилган қўзиқорин истеъмол қилишганини айтиб ўтган. Шу ҳам заҳарланишга сабаб бўлиб, Александрнинг ўлимига сабабчи бўлган бўлиши мумкин.
Александр Писаревнинг сурункали касалликлари бўлмаган. Бироқ сўнгги вақтлар октагонга чиқмаган. Писаревнинг охирги жанги 2020 йил февраль ойида Максим Усоянга қарши бўлиб ўтган. Ўшанда Александр ватандошига имкониятни бой берган.
33 ёшли марҳум MMA’да 5 та жанг ўтказган ва 3 та ғалабага эришган. Қолган 2 та жангида мағлубиятга учраган. Писарев AMC Fight Global вa RCC турнирларида иштирок этган.
Изоҳ (0)