Марғилонга жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилди. Бу ҳақда «Атлас байрами» халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.
Қайд этилишича, фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Марғилон шаҳрига Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилганини тасдиқловчи махсус сертификат топширилган.
«Жаҳон ипак ва икат ҳунармандлари шаҳри» мақомини тасдиқловчи сертификатни Марғилон шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдинов Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад ал-Қаддумийдан қабул қилиб олган.
Таъкидланишича, ушбу сертификат Марғилон шаҳрининг World Crafts Council – Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши тармоғига киритилишини таъминлайди.
Маълумот учун, Жаҳон ҳунармандлари шаҳри мақоми 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, шу кунгача унга жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 57 та шаҳар сазовор бўлган. Марғилон ушбу рўйхатга киритилган Ўзбекистоннинг учинчи шаҳри ҳисобланади. Аввалроқ ёғоч ўймакорлиги учун Қўқонга, зардўзлик учун Бухорога жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилган эди.
Изоҳ (0)