Marie Claire нашри томошабинлар томонидан севиб томоша қилинган, кино оламида катта из қолдирган, аммо фожиали тарзда вафот этган «Гарри Поттер» фильмидаги актёрларни ёдга олади.
Ричард Харрис (1930—2002)
Буюк сеҳргар ва Хогварц директори Албус Дамблдорсиз «Гарри Поттер» олами бутунлай бошқача бўлар эди. Айнан у Гаррига жодугарлик ва сеҳргарлик мактабида ўқиш давомида ғамхўрлик қилади, унга Волдемортни мағлуб этишга ёрдам берадиган энг муҳим ҳаётий сабоқларни ўргатади. Дастлабки иккита фильмда Албус Дамблдор ролини иқтидорли актёр Ричард Харрис ижро этган. Актёрга Хожкин лимфомаси ташхиси қўйилган бўлса ҳам суратга олишда бажонидил иштирок этади. Режиссёр Крис Коламбус ўлимидан бир неча соат олдин Харрис унга Албус Дамблдор ролига қайтишга қарор қилганини айтганини эслайди. «У Дамблдор ролига бошқа актёр олсам, таъзиримни беришини айтганди. У руҳан кучли эди ва охиригача курашди», — дея қўшимча қилади режиссёр. Афсуски, касаллик актёрдан ҳам кучлироқ бўлиб чиқди.
Жон Херт (1940—2017)
«Гарри Поттер» сагасинининг ҳар қандай мухлиси сеҳрли таёқча танлаш сеҳргарнинг келажакдаги тақдирини белгилаб берадиган жуда муҳим маросим эканини билади. Энг яхши таёқча тайёрловчи дўкон эгаси жаноб Олливандер эди. Гарри Поттернинг бу доно чол билан биринчи учрашуви бош қаҳрамон Хогварцга келишидан олдин содир бўлган. «Таёқ сеҳргарни танлайди, жаноб Поттер. Нима учунлигини ҳар доим ҳам тушуниб бўлмайди», — дейди жаноб Олливандер ўша пайтда ёш Гаррига. Шундай қилиб, бутун кино франшизасининг рамзий саҳналаридан бири туғилди. Мазкур рол Жон Хертга BAFTA мукофотини келтирди. Актёр 2017 йилда ошқозон ости бези саратони туфайли ҳаётдан кўз юмди.
Алан Рикман (1946—2016)
Фильмдаги энг ҳайратланарли қаҳрамонлардан бири Северус Снейп эди — Гарри Поттерни ҳимоя қилиш учун жонини фидо қилган инсон. «Кийинишда ҳар доим бенуқсон, қиличдек озғин ва ўткир, гап-сўзида эса ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди — Алан Рикман ажойиб бош қаҳрамон эди», — деб таъкидлайди BBC News. Эҳтимол, бошқа ҳеч бир актёр бу мураккаб характернинг барча қирраларини у каби аниқ кўрсата олмасди. Шу сабабли 2016 йилда Алан Рикманнинг саратон касаллиги туфайли вафот этгани ҳақидаги хабар уни экранда таниган ёки кўрган ҳар бир киши учун ҳақиқий фожиа бўлди. «Алан Рикман энди йўқлигини билганимдан қанчалик ғамга ботганимни сўз билан ифодалаб бўлмайди, — деб ёзган Ж.Роулинг. — У маҳоратли актёр ва ажойиб инсон эди». Гарри Поттер ролини ижро этган Дениел Редклифф эса Алан Рикман доимо унинг ҳаётий йўлбошчиси бўлган ва бундан кейин ҳам бўлишини тан олди. «Актёр сифатида у биринчилардан бўлиб, менга боладек эмас, тенгдошдек муносабатда бўлган. Умрим ва фаолиятим давомида у менга берган сабоқларини унутмайман», — дейди у.
Ричард Гриффиц (1947—2013)
Гарри Поттернинг золим ва жаҳлдор амакиси Вернон Дурсл ҳеч қачон томошабинларда меҳр уйғотмаган. Бироқ бундай салбий характерни ўйнаш одатда ижобий характерга қараганда қийинроқ. Ричард Гриффиц бу вазифани аъло даражада бажарди. Афсуски, актёр 2013 йилда юрак жарроҳлигидан кейинги асоратлар туфайли вафот этди, лекин у ўз яқинлари хотирасида буюк истеъдод эгаси бўлган ажойиб ва ёрқин инсон сифатида қолди. Даниэль Редклифф ва Ричард Гриффицнинг экрандаги қаҳрамонлари ҳеч қачон умумий тил топа олмаган бўлса-да, ҳаётда актёрлар кўп мулоқот қилишди ва бирга ишлашди. Масалан, 2008 йилда иккаласи ҳам Лондон театри саҳнасида Эқуус спектаклида биргаликда ўйнашган. Гриффицнинг ўлимидан сўнг унинг кичик ҳамкасби бундай ажойиб инсонни билишдан «ғурурланганини» тан олди. «2000 йил август ойида, «Гарри Поттер» расман суратга олиниши бошланишидан олдин, биз Дурсллар уйи олдидаги саҳнани машқ қилаётган эдик, деб эслайди Дэниэл. — Бу менинг кинодаги биринчи саҳнам эди, шунинг учун жуда асабийлашдим. Аммо у (Ричард) мени қўллаб-қувватлади ва вазиятни енгиллаштирди».
Верн Троер (1969—2018)
Гарри Поттер оламида ғайриоддий мавжудотлар — гиппогрифлар, аждарлар, яккашохлар, қақнуслар, уй элфлари, кентаврлар, гигантлар, бўрилар, сув парилари ва тритонларни ҳам кўриш мумкин. Бироқ улардан фарқли равишда гоблинлар онги ривожланган мавжудотлар ҳисобланган — улар Гринготц банкини бошқариб, сеҳргарлар учун тангалар зарб қилишади. Улардан бири — Грипҳук сюжетнинг ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Ҳикоянинг бошида у Ҳагрид ва Гарри Поттерни яширин сейфга кузатиб қўяди холос, охирги қисмларда эса Қора Лорд ва унинг ёрдамчиларига қарши исён кўтаради, бош қаҳрамонларга Гринготцга киришга ёрдам беради ва Волдеморт қўлида мардларча ҳалок бўлади. «Гарри Поттер ва ҳикматлар тоши» фильмида Грипҳук ролини ўйнаган актёр Верн Троер реал ҳаётда алкоголизм, руҳий тушкунлик ва ўз жонига қасд қилиш фикридан азият чекади, мутахассисларга мурожаат қилади ва бу дардлардан қутулишга ишончини йўқотмайди. «Бу осонликча бўлмайди, — деб ёзган эди Троер 2017 йилда. — Аммо мен кун-у тун курашни давом эттиришга тайёрман». Бир йил ўтгач эса актёр бу дунёдан кўз юмди.
Дейв Лежено (1963—2014)
Фенрир Грэйбек сеҳргарлар уруши пайтида Қора Лорд билан иттифоқ тузади ва 1997 йилдаги Хогварц жангида қатнашади. Унинг исмининг ўзи сеҳргарларда даҳшатли қўрқув уйғотади. Актёр Дейв Лежено жуда ёрқин образ яратишга муваффақ бўлди. Унинг қаҳрамони Фенрир Грэйбек шунчалик шафқатсиз ва золим бўлиб чиқадики, томошабинлар ҳатто уни экранда томоша қилишдан қўрқарди. Афсуски, актёрнинг тақдири фожиали якунланди. 2014 йилда у Калифорнияга саёҳати давомида тўсатдан дўстлари ва оиласи билан боғланмай қолган. Кўп ўтмай, Ўлим водийсига борган икки сайёҳ бир одамнинг жасадига дуч келади. Бу Дейв Лежено бўлиб чиқди. Шифокорлар актёр ҳаддан ташқари жазирама туфайли вафот этган деган хулосага келишди. У эндигина 50 ёшда эди.
Дэвид Раялл (1935—2014)
Элфиас Дож нафақат Қақнус ордени аъзоси, балки истеъдодли ёзувчи, Сеҳргарлик вазирлигининг юристи ва Албус Дамблдорнинг яқин дўсти эди. Унинг Хогварц директорига бағишланган некрологи Элфиаснинг Гарри Поттер билан танишишининг бошланиши бўлди. Шубҳасиз, у сеҳргарлар оламида муҳим шахс эди. Мазкур ролни 2014 йил Рождество арафасида вафот этган Дэвид Раялл ижро этган. Унинг актёрлик фаолияти 50 йилдан ортиқ давом этган ва шу вақт ичида у 130 та фильмда суратга тушишга муваффақ бўлган.
Робби Колтрейн (1950—2022)
Робби Колтрейн «Гарри Поттер»даги Ҳагрид ролидан ташқари «Дунё етмайди», «Олтин кўз», «Оушеннинг ўн икки дўсти» ва бошқа фильмларда эсда қоларли ролларни ижро этган. Бундан ташқари, актёр машҳур мультфильмларга ҳам овоз берган.
Ҳагрид роли орқали дунё бўйлаб мухлисларни топган актёр Робби Колтрейн 2022 йил 14 октябрь куни 72 ёшида вафот этди. Бу хабарни нафақат томошабинлар, балки «Гарри Поттер» фильмида у билан суратга тушган актёр ва актрисалар чуқур қайғу билан қарши олди.
«Робби мен учратган энг ҳазилкаш инсонлардан бири эди ва болалигимизда суратга олиш майдончасида бизни доим кулдирарди. Айниқса, «Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси» фильмини суратга олиш чоғида Ҳагриднинг кулбасида ёмғирдан узоқ вақт беркиниб турганимизда кайфиятимизни қандай кўтарганини, кайфиятимизни кўтариш учун ҳикоя ва ҳазиллар айтиб берганини эслайман. Мен у билан учрашиш ва у билан ишлаш бахтига муяссар бўлдим, унинг энди орамизда йўқлиги мен учун қайғули ҳолат. У жуда маҳоратли актёр ва ажойиб инсон эди», — деб ёзади Дениел Редклифф.
Изоҳ (0)