Бугун Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор ёғмоқда. Андижон ва Самарқанд йўлларини сув босди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан англашилишича, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги М39 автомобиль йўлида сув тошиши оқибатида ЙТҲлар содир бўлиши, шунингдек, автомобиллар тўхтаб қолиши юзага келган.
Видеода, шунингдек, сув тошқини оқибатида ЙТҲга учраган автомобилларнинг давлат рақами Сирдарё ҳамда Қашқадарё вилоятига қарашли экани айтилади.
Андижон шаҳрида сув босгани хабар берилган видеода эса, шаҳар кўчаларида сув тошгани сабаб автомобиллар қатновида тирбандлик, муаммолар юзага келган.
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги берган маълумотга кўра, туманнинг «Сарчашма» МФЙга қарашли қишлоқда, шунингдек, Ғелон қишлоғида ҳамда Ҳисорак тоғларида бугун ҳам қор ёғишда давом этган. Китоб тумани ҳокимлиги эса туманнинг Деновбола қишлоғида қор ёғаётганини билдирган.
Аввалроқ Жиззах вилоятининг Зомин тоғларида, шунингдек, Қашқадарёнинг Ҳисорак тоғ тизмаларида қор ёғгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)