Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида микроқарз ва кредит маблағларини қўлга киритган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Паст Дарғом тумани бўлими томонидан «Микрокредитбанк» АТБ Жума филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда ушбу банк филиали собиқ бош мутахассиси Б.Н. фуқаро А.Х. билан ўзаро тил бириктириб, ҳужжатларни сохталаштириш орқали 15 нафар фуқарога 422 миллион сўм микроқарз ва кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)