Россия томонидан аннексия қилинган Запорожье вилоятининг Энергодар шаҳри 19 октябрга ўтар кечаси HIMARS ёппасига ўт очувчи реактив тизимлари билан ўққа тутилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимияти вакили маълум қилди.
Зарбалар шаҳар маъмурияти, Энергодарга кираверишдаги кўприк ва «Луч» подстанциясига тегган. Айтишларича, подстанцияга зарбадан кейин Энергодар бутунлай электрсиз қолган.
Аннексия қилинган Запорожье вилояти ҳокимияти вакили Владимир Рогов «РИА Новости» агентлигига Украина ҳарбийлари тунда Энергодардаги Запорожье атом электр станциясини эгаллаб олишга урингани ҳақида маълум қилди.
Унинг даъво қилишича, 19 октябрга ўтар кечаси Украина кучлари назорати остидаги Запорожье шаҳри ва бошқа йўналишлардан десант кемаларининг катта гуруҳи ва юк ортилган катта кема йўлга чиққан. Энергодар ўққа тутилганидан сўнг, Владимир Роговнинг сўзларига кўра, Украина десант қўшинлари 30 дан ортиқ қайиқда келиб, АЭСни қўлга киритиш учун лангар ташлашга уринган.
«Жанглар бир неча соат, камида уч-уч ярим соат давом этди. Уларнинг қайиқдан тушишга уринишлари қайтарилди», — дейди Рогов.
Россия Мудофаа вазирлиги ва Украина Қуролли кучлари бош штаби бу маълумотларга ҳали изоҳ бермади.
Россия аввал ҳам Украинани десант кучлари ёрдамида ЗАЭСни эгаллаб олишга уринаётганликда айблаган.
Изоҳ (0)