Украинадаги уруш туфайли 2022 йилда Ўзбекистонда қашшоқлик чегарасидан пастда яшайдиганлар сони 179 минг кишидан ошади. Уларнинг 89,5 минг нафари болалардир. Бундай баҳо Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар фонди(ЮНИСЕФ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги 22 та давлат учун уруш оқибатлари ҳақидаги ҳисоботида келтирилган.
Бу мамлакатларда камбағаллар сони, ЮНИСЕФ прогнозига кўра, 10 миллиондан ортиқ кишига ошади. Уларнинг тўрт миллиони болалардир.
Фонд маълумотларига кўра, Россияда қашшоқлик чегарасидан пастга тушадиганлар сони энг кўп — 8,3 миллион кишидан ошади. Улардан 2,9 миллионга яқинини болалар ташкил қилади.
Украинада эса қашшоқлик чегарасидан қуйида яшайдиганлар сони 472 минг кишига кўпаяди. Ҳисоботда қайд этилишича, бу тахмин Украина ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда 10 фоизга қисқариши ҳақидаги тахминга асосланади.
ЮНИСЕФ, шунингдек, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида болалар ўлимининг ортиши ва таълим олиш имкониятининг пасайишини прогноз қилмоқда.
Изоҳ (0)