Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири Султанбай Сапаровга нисбатан интизомий чора қўлланилди. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгес ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, вазир Султанбай Сапаров президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган мажлис баённомасига мувофиқ Нукус шаҳри транспорт моделининг Бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ 2022 йилда 50 дона автобус сотиб олиш, 1 дона логистика маркази ва 1 дона автостанция қуриш, 2 дона темир йўл вокзалини реконструкция қилиш бўйича топшириқларни бажармаган.
Бундан ташқари жамоат транспортини ривожлантириш, энг чекка ҳудудларни жамоат транспорти билан қамраб олиш, автобус ва микроавтобуслар сотиб олиш, онлайн шаклда лицензия бериш, субсидия олиш, тендерларни електрон шаклда ўтказиш бўйича берилган топшириқлар ижроси етарли даражада таъминланмаган.
Шу билан бирга С.Сапаров раҳбар сифатида ўз хизмат вазифаларига масъулиятизлик билан қарагани натижасида транспорт соҳаси бўйича норозилик мурожаатлари бир неча баробарга ортиб кетган.
Юқоридагиларни инобатга олиб Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири Султанбай Сапаров ўрта ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жаримага тортилган.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал Нукус тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ишдан олинганди. Ундан олдин эса Қорақалпоғистон раҳбари 2 нафар вазир ва 7 нафар ҳокимни огоҳлантириб, уларга йил якунига қадар имконият берганди.
Изоҳ (0)