Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Владимир Путиннинг сафарбарлик ҳақидаги фармонида 300 минг кишини армияга чақириш назарда тутилган ва бу рақамлар ошмайди.
«Фармонда белгиланган умумий сон — 300 минг кишидан ошириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — деди Кремль матбуот котиби. У буни Мудофаа вазирлиги президентнинг «қисман сафарбарлик тўғрисида»ги фармони асосида ҳудудларга янги сон чегараларини белгилаши ва янги вазифаларни юбориши мумкинми, деган саволга жавобан айтди.
Песковнинг қўшимча қилишича, айрим ҳудудларда белгиланган чегарага етиб, сафарбарлик топшириқлари бажариб бўлинган.
Хабарингиз бор, Мудофаа вазирлиги томонидан ҳар бир ҳудуд бўйича сафарбарлик кучлари сони белгилаб берилган, ҳудудлар сафарбарлик топшириқлари бажарилгани ҳақида бирин-кетин маълум қилмоқда. Шундай қилиб, қисман сафарбарлик жараёни ушбу вазифани бажарган ҳудудларда тўхтатилмоқда — деди Песков.Шу билан бирга, у «қисман сафарбарлик»ни бутунлай якунлаш тўғрисида ҳали президент фармони йўқлигини таъкидлади.
Сафарбарлик қачон эълон қилинган эди?
21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, қисман сафарбарлик чоғида 300 минг захирадаги аскар чақирилади. Унинг сўзларига кўра, бу Россия сафарбарлик ресурсининг тахминан 1 фоизини ташкил қилади.Армияга чақириладиган одамлар сони кўрсатилган банд сафарбарлик ҳақидаги фармонда махфийлаштириб қўйилган. «Новая газета. Европа» нашри хабарига кўра, ушбу бандда бир миллион киши армияга чақирилиши ҳақида айтилади. Meduza’нинг федерал вазирликлардан бирига яқин манбаси айтиб беришича, армияга 1,2 миллион кишини чақириш режалаштирилмоқда.
Песков Meduza ва «Новая газета»нинг маълумотларини ёлғон деб атади.
14 октябрь куни Владимир Путин армияга 222 минг киши жалб қилингани, улардан 33 минг нафари бўлинмаларда, 16 минг нафари эса жанговар топшириқларни бажараётганини маълум қилди. Президент сафарбарликни икки ҳафта ичида якунлашга ваъда берди. Баъзи вилоятлар, масалан, Москва ва Москва вилояти ҳокимиятлари ўзларининг сафарбарлик режаларини бажариб бўлгани тўғрисида ҳисобот берди.
Изоҳ (0)