Тошкент вилоятида 1,4 миллион доллар эвазига 16 гектар ер олиб бермоқчи бўлган уч киши қўлга тушди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят прокуратураси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Оҳангарон шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Тошкент шаҳрида яшовчи, 1955, 1976 ва 1979 йилларда туғилган уч нафар шахс маҳаллий тадбиркордан фирибгарлик йўли билан 300 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, улар тадбиркорнинг ишончига кириб, Оҳангарон туманида жойлашган «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан 16 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали, у раҳбарлик қилаётган масъулияти чекланган жамият номига расмийлаштириб бериш эвазига 1,4 миллион доллар талаб қилишган ва 300 минг долларни олдиндан бериши кераклигини айтган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 28,211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)