Венесуэла шимолидаги Лас-Техериас шаҳрида кучли ёмғирлар оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлди, 56 киши бедарак йўқолди, деб хабар бермоқда Испаниянинг RTВЕ телеканали.
Кучли ёғингарчилик туфайли дарёларда сув сатҳи кўтарилиб, кўчки ва тошқинларни келтириб чиқарган. RTВЕ таъкидлашича, сув оқими уйлар ва кўча жиҳозларини ювиб, йўлидаги барча нарсаларни вайрон қилган. Экинларга зарар етган, сув таъминоти узилган.
Венесуэла президенти Николас Мадуро Twitter’даги саҳифасида ҳукумат одамларга «ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш» учун қутқарувчилар, фуқаролик хавфсизлиги, техник хизмат кўрсатиш ва тозалаш гуруҳлари ҳамда турли муассасалар ходимларини юборганини айтди. Уйларидан айрилган одамлар учун вақтинчалик яшаш марказларини очиш ваъда қилинмоқда.
Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинган.
Лас-Техериас аҳолиси 50 минг кишидан иборат бўлиб, шаҳарда 317 та уй бутунлай вайрон бўлган, яна 750 таси жиддий зарар кўрган.
Охирги икки ҳафта ичида Венесуэлада жами 42 киши кучли ёмғирлар туфайли ҳалок бўлди, деб таъкидлади RTВЕ.
Изоҳ (0)