АҚШ ҳарбийлари Сурияда ИШИД террор ташкилотининг уч нафар етакчисини йўқ қилишга муваффақ бўлгани ҳақида маълум қилди, деб ёзмоқда Deutsche Welle.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (Centcom) рейд нишони қурол контрабандаси ва жангариларга ёрдам бериш билан танилган ИШИД аъзоси Воҳид ал-Шамри бўлганини таъкидлади. У махсус операция давомида ўлдирилган, ёрдамчиларидан бири яраланган, яна икки нафари қўлга олинган.
Шунингдек, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг авиазарбаси оқибатида ташкилот раҳбарининг Суриядаги ўринбосари Абу-Ҳашум ал-Умавий ҳалок бўлган. У ИШИДнинг энг кучли беш аъзосидан бири эди. Худди шу зарбада ташкилотнинг яна бир етакчиси Абу Муад ал-Қаҳтаний ҳам йўқ қилинган.
Хабар қилинишича, АҚШ армияси нишонларга зарба беришда бошқаларга хавф туғдирмаслик бўйича разведка маълумотларини йиғиш учун 1000 соатдан ортиқ вақт сарфлаган. Тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлгани ҳақида маълумот йўқ.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)