Пентагон матбуот котиби Лора Купернинг айтишича, Украина HIMARS баравар ўт очувчи реактив тизимларидаги GMLRС снарядлари билан жанг майдонидаги нишонларнинг аксариятига зарба беришга қодир. Унинг қўшимча қилишича, бу Қрим ҳудудига ҳам тааллуқли, чунки яриморол Украинага тегишли, деб ҳисобланади.
«Ҳисоб-китобларимизга кўра, янги ҳарбий ёрдам пакетимизга қўшимча равишда тақдим этилаётган HIMARS’да мавжуд GMLRС тизимлари билан улар жанг майдонида кўплаб нишонларга ҳужум қилишга қодир», — деди Лора Купер брифингда АТАCМС узоқ масофали ракеталарини Украинага етказиб бериш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан.
Унинг сўзларига кўра, GMLRС Қримдаги нишонларга ҳам ета олади. «Шунчаки аниқлаштириб кетмоқчиман: Қрим — бу Украина», — деб қўшимча қилди Купер.
Июль ойида Оқ уй Украинага 300 км масофага учадиган АТАCМС ракеталарини етказиб беришдан бош тортган эди. Сентябрь ойида NBC телеканали ушбу қуролларни етказиб беришга Пентагон қарши чиққани ҳақида хабар берди. Россия агар АТАCМС Украинага етказилса, Қўшма Штатлар «қизил чизиқ»дан ўтиб кетиши ҳақида огоҳлантирган. 4 октябрь куни Оқ уй Украинага 625 миллион долларлик янги ёрдам пакетини, жумладан тўртта HIMARS ва улар учун снарядлар етказилишини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ғарб давлатлари Қримнинг Россия таркибига киришини тан олмайди.
Изоҳ (0)