Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида 3 октябрь куни умумтаълим мактаблари рейтингини эълон қилишга бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев ва халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари ҳамда вилоятлар, туман (шаҳарлар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Президентнинг ҳар йили туманлар (шаҳарлар) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги тузиш, ҳокимлар ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини мактаблар рейтинги орқали баҳолаш бўйича топшириғига асосан ўтган йилдан бошлаб Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан барча мактаблар рейтинги аниқланиб, эълон қилиб келинмоқда.
Тадбирда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари мактаблар рейтингини аниқлаш бўйича амалга оширилган ишлар ва ўтказилган тадқиқотлар натижалари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Таълим инспекцияси томонидан ўтган бир йил давомида мактаблар рейтингини аниқлаш бўйича иккита тадқиқот амалга оширилган. Хусусан, барча мактаблар рейтингини аниқлаш учун республиканинг 14 та ҳудудидаги 207 та туман (шаҳар)ларда жойлашган 9954 (ўтган йилда 9622 та) мактаб фаолияти таҳлил қилинди.
Таҳлил натижалари асосида 2021 йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги ҳамда туман ва шаҳарларнинг таълим сифати бўйича рейтинги тайёрланди.
Бунда халқаро тажриба (Финляндия, АҚШ, Жанубий Корея, Россия) ҳамда маҳаллий устувор масалаларга алоҳида эътибор берилиб, 4 та йўналишда 8 та индикатор белгиланди.- ўқувчиларнинг ҳаётга тайёргарлик даражаси (билим даражаси, олийгоҳларга кириш кўрсаткичи, хорижий тилни билиш даражаси ва бандлик);
- педагогларнинг сифат таркиби ва салоҳияти (олий ва биринчи тоифага эга педагоглар улуши);
- мактаблардаги маънавий-маърифий ва ўқув-тарбиявий муҳит (5 та ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар ва ўқувчилар орасида жиноятчилик);
- маҳаллий ҳокимликларнинг мактаблар ривожи учун қўшган ҳиссаси (маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан мактаб ривожи учун сарфланган маблағлар).
Ҳудудлар рейтингида:
Энг юқори ўринларни Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари эгаллаган бўлса, энг охирги ўринларни Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари банд этди.
Туман ва шаҳарлар рейтингида:
Юқори ўнталикдан Навоий, Бухоро шаҳарлари, Жондор тумани, Когон шаҳри, Зарафшон, Хива шаҳарлари, Когон, Учқудуқ туманлари, Урганч, Ғозғон шаҳарлари жой олди. Сўнгги ўринларда эса Бўка, Тахиатош, Тошкент, Тупроққалъа, Зафаробод туманлари, Нурафшон шаҳри, ҳамда Учтепа, Қибрай, Қамаши, Юқори Чирчиқ туманлари эканлиги маълум бўлди.
Ихтисослаштирилган мактаблар бўйича юқори ўнталикдан Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 4-ИДУМ, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 6-ИМИ, Бухоро вилояти Жондор тумани 49-ИДУМ, Хоразм вилояти Шовот тумани ХФММИ, Бухоро вилояти Когон тумани 1-ИДУМ, Хоразм вилояти Хива шаҳри 56-ИМИ, Жиззах вилояти Жиззах шаҳри Умид ИДУМ, Наманган Мингбулоқ тумани 13-ИДУМ, Наманган вилояти Чортоқ тумани 20-ИДУМ, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани 12-АФЧЎИМИлар ўрин олишди.
Сўнгги ўринларда эса Тошкент вилояти Бўка туманидаги 16-ИДУМ, Наманган вилояти Наманган шаҳридаги 40-ИДУМ, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги 69-ИДУМ, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 180-ИДУМ, Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 12-ИДУМ, Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги 39-ИДУМ, Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 56-ИДУМ, Хоразм вилояти Хива шаҳридаги 97-ММИ, Хоразм вилояти Боғот туманидаги 47-ИДУМ, Тошкент вилояти Бўка туманидаги 27-ИДУМ мактаблар эканлиги аниқланди.
Умумий ўрта мактаблар рейтингида юқори Топ-10 ликдан Навоий вилояти Навоий шаҳри 13-мактаб, Бухоро вилояти Бухоро шаҳри 38-мактаб, Бухоро вилояти Бухоро тумани 49-мактаб, Бухоро вилояти Жондор тумани 3-мактаб, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани 21-мактаб, Навоий вилояти Навоий шаҳри 9-мактаб, Бухоро вилояти Бухоро шаҳри 28-мактаб, Бухоро вилояти Бухоро тумани 14-мактаб, Бухоро вилояти Жондор тумани 41-, 38-мактаблар ўрин олди.
Сўнгги ўринларда эса Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 34-мактаб, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 209-мактаб, Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 295-, 62-мактаблар, Хоразм вилояти Тупроққалъа туманидаги 16-мактаб, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 54-мактаб, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги 99-98- ва 100-мактаблар ҳамда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 178-мактаб эканлиги маълум бўлди.
Мактаб битирувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлиги ва таълим сифати даражаси бўйича:
Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тўплаган баллари бўйича туман ва шаҳарлар миқёсида энг юқори ТОП-5 та ўринларни Навоий шаҳри (88,5), Бувайда тумани (88,1), Қизилтепа тумани (86,7 балл), Шофиркон тумани (86,6), Қоракўл тумани (85,8) эгаллади.
Ушбу индикатор бўйича энг паст кўрсаткичли ТОП-5 таликда Бектемир тумани (34,4), Томди тумани (41,3), Янги Наманган тумани (52,7), Шуманай тумани (55,6) ва Конимех тумани (58,3) қайд этилди.
Битирувчиларнинг ОТМга кириш салмоғи бўйича Навоий шаҳри (47,4), Зарафшон шаҳри (43,5),Қоровулбозор тумани (41,4), Учқудуқ тумани (40,1) ва Қизилтепа тумани (38,5) ўқувчилари энг яхши натижа қайд этган бўлса, Тошкент тумани (2,2), Янги Наманган тумани (3,7), Наманган шаҳри (5,8), Ургут тумани (7,8) ва Сўх тумани (8,3) энг паст натижа кўрсатишган. (Рейтинг натижалари таълим ташкилотлари ва ҳудудларнинг 2021 йилдаги фаолиятига баҳо беради, унда маълумотлар 2022 йил 1 январь ҳолатига қайд этилган.)
Ўқитувчиларнинг сифат таркиби (олий ва биринчи тоифалилар) бўйича таҳлил қилинганда Хоразм (33 фоиз), Наманган (29,84 фоиз) ва Бухоро (29,8 фоиз) етакчилик қилган бўлса, бу борада энг паст кўрсаткич Сурхондарё (15 фоиз), Қашқадарё (15,1 фоиз) ва Самарқанд (15,3 фоиз) вилоятларида кузатилган.
Маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан мактаб таълимини ривожлантириш учун қилинган харажатлар бўйича:
2021 йилда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 100 фоиз мактаблар бўйича бир нафар ўқувчига ўртача 31 минг 390 сўм харажат ажратилган. Бу борада ҳудудлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси (161 350 сўм), Навоий вилояти (118 650 сўм), ва Бухоро вилояти (69 920 сўм) энг фаол эканлиги маълум бўлди. Қуйи ўринларда эса Фарғона (5600 сўм), Қашқадарё (11 460 сўм) ва Самарқанд (11 510 сўм) вилоятлари қайд этилди.
Туман(шаҳар)лар бўйича Қонликўл (628 227 сўм), Қораўзак (447 412 сўм), Тахтакўпир (424 773 сўм), Кегейли (380 162 сўм) ва Нурота (373 296 сўм) туманлари энг кўп маблағ ажратган. 16 та туман (шаҳар)ларда ҳокимликлар томонидан мактаб таълимини ривожлантириш учун маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан маблағ ажратилмаган.
Булар: Арнасой, Зарбдор, Мирзачўл, Янгиобод, Нишон, Норин, Қоровулбозор, Қумқўрғон, Музробод, Олтинсой, Узун, Жалақудуқ туманлари ҳамда Қарши, Ангрен, Чирчиқ, Каттақўрғон шаҳарлари.
Ўқувчилар томонидан содир этилган жиноятлар таҳлили бўйича энг юқори кўрсаткич Фарғона (491 та), Тошкент шаҳри (165 та) ва Тошкент (142 та) вилоятларида қайд этилган. Ўқувчилар томонидан энг кам жиноят содир этган ҳудудлар эса қуйидагилар: Жиззах вилоятида 23 та, Сирдарёда 25, Қорақалпоғистон (27).
Туман (шаҳар)лар орасида энг кўп жиноятлар сони: Қўқон шаҳрида 92 та, Фарғона шаҳрида 74 та ва Ўзбекистон туманида 39 тани ташкил этган. 30 та туман (шаҳар)ларда эса ўқувчилар томонидан жиноят содир этилмаган.
Чет тилларини билиш бўйича сертификат олган ўқувчилар салмоғи кўра энг юқори топ-10 таликдан Миробод тумани, Навоий шаҳри, Юнусобод тумани, Зарафшон шаҳри, Урганч шаҳри, Қоровулбозор тумани, Бухоро шаҳри, Жондор тумани, Когон шаҳри ва Вобкент туманлари жой олган бўлса, ушбу кўрсаткич бўйича Арнасой, Сайхунобод, Касби, Кегейли, Қораўзак, Бандихон, Тайлоқ, Тошкент, Учкўприк ва Шеробод туманларида бошқа ҳудудларга нисбатан пастроқ натижа кузатилган.
Шунингдек, мактаб ўқитувчилари орасида чет тилларидан сертификатларга эга бўлганлар улуши бўйича Юнусобод тумани, Ғозғон, Бухоро, Когон, Оҳангарон, Чирчиқ, Термиз, Нурафшон, Ангрен ва Янгийўл шаҳарлари топ-10 таликдан жой олган бўлса, Зафаробод, Оқолтин, Қўнғирот, Тахиатош, Булунғур, Тайлоқ, Қўшработ, Олтинсой туманлари ҳамда Хонобод ва Янгиер шаҳарларида ушбу кўрсаткич бўйича нисбатан пастроқ натижа қайд этилган.
Барча мактаблар рейтингидан ташқари, Таълим инспекцияси томонидан Республикадаги жами мактабларнинг 10 фоизини халқаро тадқиқотлар талаблари асосида ўқувчиларнинг ўқиш ва математик саводхонлик даражаси аниқланди.
Бунинг учун жами 14 та ҳудуддаги 207 та туман ва шаҳарларда жойлашган 985 та (10 фоиз) мактаб ҳудудлар кесимида (халқаро тажрибадан келиб чиқиб, шаҳар туман ва олис ҳудудларга ажратган ҳолда) тасодифий танлаб олиниб, халқаро PISA ва TALIS тадқиқотларининг методологияси асосида синовлар ўтказилди. 985 та мактабдан 88 таси шаҳарда, 827 таси туманларда ва 70 та олис ҳудудларда жойлашган.
Ушбу тадқиқотда асосан мактаблардаги таълим сифатига қаратилган бўлиб, аксарият маълумотлар жойига чиқиб ўрганиш орқали шакллантирилди. Тасдиқланган низомга кўра 10 фоиз мактаблар компьютер дастури орқали инсон аралашувисиз ихтиёрий танлаб олинди. Ушбу тадқиқотларда 22 691 нафар ўқувчи она тилидан, 22 694 ўқувчи математикадан, 22 694 нафар ўқувчи физикадан назорат ишларида, 20 763 ўқувчи ва30 072 ўқитувчилар ижтимоий сўровномаларда иштирок этди.
Олинган натижалар ва мактаблар фаолияти янгиланган мезонлар асосида 7 та индикатор бўйича баҳоланиб таҳлил қилинди.
Ўқиш саводхонлиги (берилган матн асосида мантиқий саволларга жавоб бериш) бўйича назорат ишларида 22 691 нафар ўқувчи иштирок этиб, шундан 9752 нафари (43 фоиз) ижобий натижа қайд этди.
Навоий вилояти (58,9 фоиз) 1-ўрин, Бухоро вилояти (54,3 фоиз) 2-ўрин ва Қорақалпоғистон (52,6 фоиз) 3-ўрин;
Андижон (30 фоиз), Наманган (34 фоиз) ва Қашқадарё (38,1 фоиз) вилоятлари охирги ўринларни эгаллашди.
Она тили бўйича синовда иштирок этган ўқувчиларнинг билими мавзулар кесимида таҳлил қилинганда лексикология бўйича 80,04 фоиз, креатив (мантиқий) фикрлаш бўйича 69,69 фоиз, грамматика бўйича 49,24 фоиз, ижодий фикрлаш бўйича 48,64 фоиз, саводхонлик бўйича 45,69 фоизни ташкил этади.
Математик саводхонлик бўйича 22 694 нафар ўқувчи иштирок этиб, шундан 8409 нафари (37 фоиз) ижобий натижа қайд этди. Ўтган йилга нисбатан математик саводхонлик даражаси 18,2 фоизга ошган.
Хоразм вилояти (60,7 фоиз) 1-ўрин, Навоий вилояти (54,8 фоиз) 2-ўрин ва Бухоро вилояти (52,7 фоиз) 3-ўрин;
Фарғона (21,7 фоиз), Тошкент (23 фоиз) ва Наманган (23,8 фоиз) вилоятлари охирги ўринларни эгаллашди.
Математика фани бўйича ўтказилган назорат ишларининг 3 йиллик натижалари таҳлилига кўра ўқувчиларнинг ижобий натижалари 12 фоиздан 37 фоизга (2020 йилда 12 фоиз, 2021 йилда 19 фоиз, 2022 йилда 37 фоиз) ошган.
Математика бўйича назорат ишлари натижаларини мавзулар кесимида таҳлил қилинганда ўқувчилар тенгламаларда 51,18 фоиз, ҳаётий масалаларда 36,31 фоиз, геометрик шакллар эса 34,05 фоизлик натижа қайд этишган. Мактаблар рейтинги жараёнига илк маротаба табиий фан (Физика) ҳам қўшилди. Физика бўйича 22 694 нафар ўқувчи иштирок этиб, шундан 5851 нафари (26 фоиз) ижобий натижа қайд этишди.
Хоразм вилояти (45 фоиз) 1-ўрин, Навоий вилояти (40,8 фоиз) 2-ўрин ва Бухоро вилояти (40,1 фоиз) 3-ўрин;
Наманган (11 фоиз), Фарғона (11,5 фоиз) ва Тошкент (12,4 фоиз) вилоятлари охирги ўринларни эгаллади.
Физикадан назорат бўйича назорат ишлари натижаларини мавзулар кесимида таҳлил қилинганда ўқувчилар кинематикадан 44,73 фоизни, ҳаракатга оид мавзулар 23,52 фоизни, электродинамика эса 25,20 фоизлик натижа қайд этган.
Мактаб ўқитувчилари жамоаси билан TALIS-халқаро тадқиқотлари саволлари асосида ўтказилган сўровномалар ўқитувчининг профессионал фаолиятини текширишга имконият берди.
Сўровнома давомида ўқитувчилар ўз касбий тайёргарлиги, педагогик фаолияти, шахсий фикр-мулоҳазалари, мактаб шароити ҳақида маълумотларни баён қилган. Шунингдек, мактаб ўқувчилари билан ижтимоий сўровномалар ўтказилди, бунда жами 20 763 нафар юқори синф ўқувчилари иштирок этди. Мактаблар рейтингига оид барча маълумотлар таълим соҳасидаги ваколатли органлар ва ташкилотларга тақдим этилади.
Рейтинг натижалари асосида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозим:
- Рейтингда паст натижа кўрсатган мактаблар ва ҳудудлар учун махсус услубий ёрдам кўрсатиш, уларда таълим сифатини яхшилаш бўйича йўл хариталари ишлаб чиқиш ва ҳар чоракда мониторинги олиб бориш;
- Рейтингда юқори натижа кўрсатган мактаблар тажрибасини оммалаштириш;
- Рейтинг натижаларидан келиб чиқиб, директорлар ва уларнинг ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо бериш;
- Раҳбар ходимлар, педагог ва ўқитувчиларнинг фаолияти самарадорлигини ҳисобга олиб, моддий рағбатлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга ошириш.
Изоҳ (0)