Польша Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Сергей Андреевни маҳаллий вақт билан 11:00 (Тошкент вақти билан 14:00)га чақирди, бу ҳақда вазир ўринбосари Марчин Пшидач маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Москва ва Варшава муносабатлари «асосан музлатиб қўйилган».
«Ҳеч қандай дипломатик алоқалар йўқ, мен ёки вазирнинг элчи Андреев билан учрашувларини ҳисобга олмаганда, ва бугун ана шундай учрашув ўтказилади», — деди у.
Пшидачнинг аниқлик киритишича, элчининг чақирилишига «Россиянинг сўнгги ҳафта ичидаги хатти-ҳаракатлари», аниқроғи, ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларидаги референдумлар ҳамда кейинроқ уларнинг қўшиб олиниши сабаб бўлган.
Аввалроқ Польша ТИВ ушбу ҳудудларда референдумлар ўтказилганини ҳам, уларнинг Россия таркибига қўшиб олинишини ҳам қоралаб баёнотлар билан чиққан эди.
Украина Россия хатти-ҳаракатларига жавобан, НАТОга қўшилиш учун тезлаштирилган режимда ариза беришини эълон қилди. Альянс 30 та аъзо мамлакатнинг барчаси розилик берганидан кейингина янги аъзони қабул қилишини билдирди.
Польша Украинанинг НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаб чиққан тўққизта аъзо мамлакатдан бири бўлди. Польша, Чехия, Эстония, Латвия, Литва, Шимолий Македония, Черногория, Руминия ва Словакия президентларининг қўшма баёноти Польша етакчиси Анжей Дуданинг сайтига жойланди.
Аввалроқ Германия, Буюк Британия, Латвия, Швеция, Дания ва Италияда ҳам Россия элчилари ТИВга чақирилганди.
Изоҳ (0)