Шавкат Мирзиёев Венгрия томонининг таклифига биноан 3—4 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Президент матбуот хизматининг қайд этишича, бўлажак саммит икки мамлакат етакчиларининг ўтган йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтган учрашувида эришилган келишувларга мувофиқ, давлат раҳбарининг жавоб ташрифидир.
Ташриф доирасида Будапешт шаҳрида Венгрия президенти Каталина Новак ва бош вазири Виктор Орбан билан олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.
Ўзбекистон—Венгрия саммитининг кун тартибидан стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий, қишлоқ хўжалиги, молиявий ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Ўзаро савдони кўпайтириш, фармацевтика, агросаноат мажмуи, машинасозлик, сувни тежаш ва бошқа йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Музокаралар якунида қўшма баёнот ва икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)