Наманган вилоятида руҳий касал киши «Жигули»ни олиб қочгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, 24 сентябрь куни соат 14:00 ларда номаълум шахс «Алишер Навоий» МФЙ ҳудудида жойлашган истироҳат боғи олдида бўла туриб, шу ерда 55 ёшли Й.М.га тегишли бўлган «ВАЗ-2106» («Жигули»)ни эшикларини очиқ ва қаровсиз қолдирганлигидан фойдаланиб, уни олиб қочган.
Автоуловни топиш ва номаълум шахсни ушлаш борасида олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида, мазкур автомашина Янгиқўрғон тумани Булоқбоши ҳудудида жойлашган дала майдонида номаълум шахс томонидан ҳайдаб бошқариб кетилаётганда ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
Номаълум шахснинг шахсига аниқлик текширилганда, у Янгиқўрғон тумани Шўркўл кўчасида яшовчи руҳий касал 30 ёшли К.М. экани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Косонсой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан К.М.га нисбатан Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддадаги жиноятни содир этганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)