Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят прокурори Жаҳонгир Ҳотамов президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижроси юзасидан ҳисобот берди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарининг тегишли қарори билан тасдиқланган дастур доирасида вилоятда 189 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши ва уларнинг 172 таси жорий йилда якунланиши белгиланган.
Ҳозирга қадар бюджетдан 802,5 миллиард сўм маблағ ёки ажратилган лимитнинг 76 фоизи молиялаштирилиб, 774 миллиард сўм ўзлаштирилган. 77 та объектда белгиланган ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилган.
2 та объектнинг экспертиза хулосалари олинмаган ва 4 тасининг пудратчиси аниқланмаган. Шунингдек, 3 та мактабгача таълим ташкилоти, 6 та мактаб, 2 та олий таълим муассасаларининг қурилиши ўқув йили бошлангунга қадар тамомланмасдан қолган.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида 32 та маҳалла ва қишлоқлар учун ажратилган 446,1 миллиард сўм маблағ эвазига 1026 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилиб, бугунги кунда 70 миллиард сўм молиялаштирилган.
Таъкидланишича, Самарқандда 11 та қурилиш-пудрат ташкилоти сохта маълумотлар асосида «Шаффоф қурилиш»да ғолиб бўлган.
Изоҳ (0)