PepsiCo Россияда Pepsi, 7Up ва Mountain Dew ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатди. Бу ҳақда компания баёнотига таяниб Reuters хабар бермоқда.
9 март куни компания Россияда Pepsi, Mirinda ва 7Up брендларини ишлаб чиқариш ва сотиш тўхтатилганини маълум қилганди.
Агентлик журналистлари Москва ва ундан ташқаридаги ўнлаб гипермаркет, чакана савдо дўконлари ва спорт залларига ташриф буюриб, июль ва август ойларида Россияда ишлаб чиқарилган Pepsi ичимликларини топгач, компания расмий баёнот билан чиқди.
PepsiCo вакилининг тушунтиришича, Россияда барча ичимликлар концентратлари тугаб қолган, шундан сўнг ишлаб чиқариш тўхтатилган. Ичимликларнинг сўнгги чиқарилиш санаси 17 август бўлган.
Россияда ичимликлар савдоси тўхтатилганми ёки йўқми, PepsiCo аниқлик киритмаган.
PepsiCo Украинадаги уруш фонида Россияда ичимликлар рекламаси ва савдосини тўхтатган.
Шунга қарамай, апрель ойида аниқланганидек, PepsiCo тоифани ривожлантириш, жумладан, бошқа пакетларда турли номлар остида янги маҳсулотлар яратиш, шунингдек, маҳаллий брендларни кенгайтириш имкониятларини ўрганмоқда.
Аввалроқ Россияда Coca-Cola ва Pepsi аналоглари бозорнинг 5 фоизини эгаллагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)