Россиянинг IrAero авиакомпанияси Татаристон пойтахти — Қозон шаҳридан Самарқанд халқаро аэропортига янги йўналиш очди.
Uzbekistan Airports матбуот хизматининг маълум қилишича, янги йўналиш 20 сентябрдан бошлаб йўлга қўйилган бўлиб, парвозлар ҳафтада бир марта сешанба кунлари Sukhoi Superjet 100 самолётларида амалга оширилади. Бир йўналишдаги парвоз вақти 3 соат 40 дақиқани ташкил этади.
Октябрь ойи охиригача 2022 йил баҳор-ёз мавсуми доирасида самолётлар Самарқанддан Қозонга маҳаллий вақт билан соат 18:30 да парвоз қилади.
IrAero авиакомпанияси — 1999 йилда ташкил этилган ва Иркуцк халқаро аэропортида жойлашган Россия авиакомпанияси. Компания парки Airbus А319, Superjet 100, Bombardier CRJ-200LR каби самолётлардан, шунингдек, Антонов йўловчи ва юк ташувчи самолётларидан иборат.
Ушбу авиакомпания Россиянинг Москва, Новосибирск ва Иркуц шаҳарларидан ҳам Самарқандга парвозларни амалга оширади.
Бундан аввал Россиянинг «Ямал» авиакомпанияси Самарқандга мунтазам парвозларни йўлга қўйгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)