19 сентябрь куни Мексиканинг Мичоакан штати ғарбий соҳилларида 7,6 магнитудали зилзила юз берди, деб хабар беради Reuters. Камида икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси цунами хавфи ҳақида эълон қилди.
USGS маълумотларига кўра, ер силкиниши Пласита де Морелос шаҳарчасидан 46 км жануби-шарқда қайд этилган, зилзила ўчоғи 10 км чуқурликда жойлашган. Шуниси эътиборга лойиқки, ушбу ер силкиниши Мексикада 1985 ва 2017 йилларда иккита ҳалокатли зилзила қайд этилган кунда юз берди.
Шу зилзилалардан кейин ҳар йили 19 сентябрь куни бутун мамлакат бўйлаб Миллий фуқаролар мудофааси куни доирасида профилактик машғулотлар ўтказиб келинади.
1985 йил 19 сентябрдаги зилзила Тинч океанида Кокос тектоник плитаси синиши натижасида юз берган ва магнитудаси 8,1 га тенг бўлган эди. Оқибатда 10 мингга яқин одам ҳалок бўлиб, 30 минг киши жабрланган, 3 мингдан ортиқ бино зарар кўрганди.
Иккинчи зилзила 2017 йил 19 сентябрда содир бўлган, эпицентри Морелос штатидаги Ахочяпан аҳоли пунктидан 12 км жануби-шарқда жойлашган эди. 7 магнитудали ер силкинишида 65 киши ҳалок бўлиб, қарийб 200 киши жабрланди.
Ижтимоий тармоқларда вайрон бўлган бинолар акс этган видеолар тарқалмоқда. Маҳаллий ОАВлар Мансанилё шаҳрида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзмоқда.
Мамлакатнинг бешта минтақасида қарийб 1,2 миллион истеъмолчи чироқсиз қолган.
Изоҳ (0)