Қирғиз-тожик чегарасининг бутун периметри бўйлаб шиддатли жанглар давом этмоқда, дея маълум қилди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси. Қирғизистон расмийлари Тожикистон оғир зирҳли техника ва «Град» баравар ўт очувчи реактив тизимларидан фойдаланаётганини даъво қилмоқда.
Қирғизистон ҳукумати чегара ҳудудлари аҳолисини эвакуация қилишни бошлагани хабар берилганди. Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги тўқнашувлар туфайли мамлакат шимоли ва жанубини боғлайдиган ягона йўл қисман тўсиб қўйилган.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара қўшинлари ўт очишда қирғиз томонини айблади. Қўмитанинг иддао қилишича, Тожикистон эрталаб икки марта музокара ўтказишни таклиф қилган, бироқ Қирғизистон бунга эътибор бермаган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистонни ижтимоий тармоқлар орқали тожик томонини обрўсизлантиришда айблади.
Душанбенинг вазиятни барқарорлаштириш бўйича уринишлари бесамар кетди», — дейилади қўмита хабарида.Қирғизистон чегара хизмати эса томонлар музокара ўтказганини ва эрталаб соат 10:00 дан (Тошкент вақти билан 9:00) ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини, бироқ отишмалар давом этганини маълум қилган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, отишма пайтида яраланган қирғизлар сони 30 кишидан ошди. Тожикистон томони 2 ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.
Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида вазият 14 сентябрда кескинлашди. Қирғизистон томонининг сўзларига кўра, тожик чегарачилари чегарада жанговар позицияларни эгаллаб, уларни тарк этишдан бош тортган. Чегаранинг бир қанча участкаларида тўқнашувлар содир бўлди.
Изоҳ (0)