ШҲТ саммити доирасида давлат раҳбарлари биргаликда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуасига борди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу мажмуада қадимий шаҳарлар қиёфаси, миллий анъаналар билан бирга дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс эттирилган. Хусусан, Афросиёб ёдгорлиги деворларида сақланиб қолган Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган.
Бундай маъно-мазмун, тарих ва бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шу ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар етакчиларининг ташрифи шарафига Ўзбекистон президенти номидан қабул маросими ўтказилди.
Давлат раҳбарлари ўртасида самимий мулоқот бўлди. Улар Самарқанд саммити юксак савияда ўтаётгани, бугун икки томонлама учрашувларда муҳим келишувларга эришилганини қайд этди.
Саҳнадаги куй-қўшиқларда ўзаро ҳурмат ва дўстлик, тинчлик, меҳр-муҳаббат каби умумбашарий қадриятлар тараннум этилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасидаги асосий тадбирлар 16 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)