Янги Зеландиянинг Каикоура шаҳри яқинида қайиқ ағдарилиб, беш киши ҳалок бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, қайиқ кит билан тўқнашган, деб ёзади The Guardian.
Хабар қилинишича, чартер балиқ овлаш компаниясига тегишли бўлган 8,5 метрлик қайиқда 11 киши — экипаж аъзоси ва 50 ёшлардаги бир гуруҳ аёллар бўлган. Кема ағдарилганидан сўнг, одамларнинг бир қисми сувга қулаган. Олти киши қутқарилган, яна беш киши кемада тузоқда қолиб кетган. Уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гуруҳ йўлини тўсган кит қайиқни ағдариб юборган бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, фожиа вақтида денгиздаги сув бутунлай тинч эди ва ҳеч қандай муаммо кузатилмаган. Бироқ аввалроқ бу ҳудудда бир нечта кашалотлар ва думбали китлар топилган.
Каикоура — кит томоша қилиш учун машҳур жой. Сайёҳларнинг китлар, дельфинлар ва бошқа денгиз ҳаётини яқиндан кўриши учун бир қатор корхоналар уларга қайиқ ёки вертолётда айланишни таклиф қилади.
Изоҳ (0)