30 август куни Тошкент давлат педагогика университети ва «Меҳрли мактаб» госпитал мактабида касбий амалий семинар ўтказилди. Бу ҳақда «Замин» халқаро жамоат фонди «Дарё»га маълум қилди.
Қайд этилишича, «Замин» фонди, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари «УчимЗнаем» лойиҳаси билан ҳамкорликда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва «Меҳрли мактаб» госпитал мактабида касбий амалий семинарлар ўтказган.
Интенсив шаклдаги амалий семинарларда Низомий номидаги ТДПУ, Пучон университети филиали ва бошқа олийгоҳлардан 100 нафарга яқин ўқитувчи иштирок этган.
«УчимЗнаем» лойиҳаси педагоглари унинг раҳбари Сергей Шариков бошчилигида узоқ муддат давомида даволанаётган болалар билан машғулот ўтказиш ва госпитал мактабда таълим муҳитини яратишга бағишланган учрашувлар, маҳорат сабоқлари ва семинарлар ўтказган.
«Госпитал педагогика соҳасидаги илмий базани барқарор ривожлантириш мақсадида олий таълим муассасаларида магистрлик дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, бакалавриат дастурларига госпитал педагогика бўйича модуль киритиш режалаштирилмоқда», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)