Чехия парламенти депутатлар палатаси Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.
«Овоз беришда қатнашган 151 депутатдан 135 нафари Швециянинг Шимолий Атлантика альянсига қабул қилиниши ёқлади, тўрт нафари қарши чиқди. Овоз беришда қатнашган 152 нафар депутатдан 134 нафари НАТОнинг Финляндия ҳисобига кенгайишини қўллаб-қувватлади, тўрт нафари қарши», — дейилади баёнотда.
Аввалроқ Чехия парламенти Сенати (юқори палатаси) Хелсинки ва Стокгольмнинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилишини маъқуллаган.
18 май куни Финляндия ва Швеция Украинадаги жанговар ҳаракатлар авж олган бир пайтда НАТОга қўшилиш учун ариза берган. Туркия Хелсинки ва Стокгольмни мамлакатда тақиқланган Курдистон Ишчилар партияси билан ҳамкорликда айблаб, уларнинг альянсга қўшилишга бир муддат тўсқинлик қилди.
Швеция ва Финляндия НАТО блокига қўшилиши учун альянсга аъзо бўлган 30 та мамлакатнинг барчаси тегишли битимни ратификация қилиши керак. Ҳозирга қадар тегишли протоколлар АҚШ, Польша, Эстония, Исландия, Канада ва яна бир қатор давлатлар томонидан ратификация қилинган.
Изоҳ (0)