Ўзбекистонда асаларичилик маҳсулотларини сертификатлаштириш лабораторияси ва ўқув хонаси ташкил этилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар бермоқда.
Корея миллий илмий тадқиқотлар фонди (NRF) ҳамда Корея ихтироларни олдинга суриш ассоциацияси (KIPA) ушбу лойиҳани молиялаштиради.
Унга кўра, лаборатория учун зарур бўладиган асбоб-ускуна ва жиҳозлар Кореядан келтирилади.
Лойиҳа 3—5 йилга мўлжалланган бўлиб, 2,5-3 миллион доллар миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида келгусида асаларичиликда ишлатиладиган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва механизмлар, соҳадан олинадиган маҳсулотлар (асалари сути, асалари захари, перга, прополис, мум ва бошқалар), даволаш ва профилактика ишларини олиб бориш учун зарур бўладиган дори воситалари намойиш этадиган кўргазма маркази ташкил этилади.
Келажакда Ўзбекистон бренди асосида чиқарилаётган асал ва асаларичилик маҳсулотларини хорижий давлатларга сотишда кўмаклашиш ҳам айнан ушбу лойиҳанинг мақсадларидан.
Изоҳ (0)