Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон уруш бошланганидан буён учинчи марта Украинага келди, деб ёзади Meduza.
«Украинада юз бераётган нарсалар барчамиз учун муҳим. Айнан шунинг учун бугун мен Киевга келдим. Айнан шунинг учун Буюк Британия украиналик дўстларимизни қўллаб-қувватлашда давом этади. Украина бу урушда ғолиб бўла олади ва бўлади ҳам», — деб ёзди Жонсон Twitter’да.
Борис Жонсон Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Украина етакчиси Жонсоннинг ташрифини изоҳлар экан, «Украинанинг буюк дўсти Борис Жонсонни Мустақиллик кунида қарши олишдан хурсандман», — деди.
«Борис, Россиянинг тўлиқ кўламли тажовузининг илк кунлариданоқ мамлакатимизга муросасиз кўмак бераётганингиз, халқаро майдонда Украина манфаатларини ҳимоя қилаётганингиз учун раҳмат!» — деди Зеленский.
Борис Жонсон Киевга ташрифи чоғида Украинага 54 миллион фунт (63,5 миллион доллар)лик янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилди. У ракета тизимлари, 850 та Black Hornet микродронлари ва икки мингта бошқа учувчисиз қурилмаларни ўз ичига олади.
24 август куни, Украина Мустақиллик кунида, Киевда маҳаллий вақт билан 16:51 ҳолатига беш марта ҳаво тревогаси эълон қилинди, шу жумладан, Жонсоннинг ташрифи чоғида ҳам.
7 июль куни Борис Жонсон Консерватив партия раҳбари ва тегишли равишда, Буюк Британия бош вазири лавозимидан кетишини эълон қилди. Янги етакчи сайланмагунича, у партия ва ҳукумат раҳбари вазифаларини бажариб туради.
Россия ҳужум бошлаганидан кейин Борис Жонсон Украинага 9 апрель ва 17 июнь кунлари ташриф буюрган эди.
Изоҳ (0)