Қашқадарё вилоятидаги «Кунжутлитепа» археология ёдгорлигини тўлиқ бузиб ташлаган шахс қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Яккабоғ туманида яшовчи Р.О. масъул идораларнинг бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан, ушбу ҳудудда жойлашган «Кунжутлитепа» археология ёдгорлигини тўлиқ бузиб, ундан чиққан тупроқни сотиб юбориб, маданий меросга 47,5 миллиард сўмлик зарар етказган.
Ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани прокуратураси томонидан 15 август куни Жиноят кодексининг 132-моддаси 3-қисми (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ажрими билан фуқаро Р.О. қамоққа олинган.
Август ойи ўрталарида Яккабоғ туманида жойлашган Х—XII асрларга оид «Чордангитепа» археология ёдгорлигининг бир қисми фуқаро томонидан бузиб ташланиб, ёдгорлик ўрнида уй-жой қуриб юборилгани аниқланганди. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 315 миллион сўмлик зарар етказилган.
Самарқанд туманида VI—VII асрларга оид «Номсизтепа» археология ёдгорлиги бир қисми номаълум шахслар томонидан бузилиб, давлат манфаатларига 1,5 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Июль ойида эса Намангандаги Уйчи манзилгоҳи» (Дўнгтепа) археология ёдгорлиги ҳудудидан 10 сотих ер савдо, маиший ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун ажратиб берилиши оқибатида маданий мерос объектига 3,9 миллиард сўмлик зарар етказилганди.
Изоҳ (0)