АҚШ 24 август, чоршанба куни Украинага қарийб 3 миллиард долларлик навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилади. Бу ҳақда Reuters АҚШ ҳукуматидаги манбасига таяниб хабар берди, деб ёзади «РБК».
Янги пакет Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар бошидан буён Вашингтон тақдим этган ҳарбий ёрдамлар ичида энг йириги бўлади, деб таъкидлади агентлик. Бунгача кўмакнинг максимал миқдори 1 миллиард долларни ташкил қилган.
Ҳарбий ёрдам пакети Украина Мустақиллик кунига (24 август) тайёрланмоқда.
Америкалик мансабдорлар АПъга маълум қилишича, маблағлар дронлар ва бошқа қурол-яроғлар бўйича шартномаларни молиялаштиришга сарфланади, улар Киевга ўрта ва узоқ муддатли истиқболда мудофаани мустаҳкамлаш имконини беради. Бундан аввал етказилган қуроллар Украинанинг шошилинч ҳарбий эҳтиёжларини қониқтиришга йўналтирилган бўлиб, Пентагон омборларида сақланаётган ва энг қисқа муддатларда юборилиши мумкин бўлган қурол-яроғларни ўз ичига олган эди, деб ёзади агентлик.
Сўнгги марта 19 август куни АҚШ Украинага 775 миллион долларлик навбатдаги ёрдам пакетини ажратганди. У HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими учун ўқ-дорилар, 16 та гаубица, мингта Javelin танкка қарши ракеталари, разведка учун 15 та СcанEagle дронлари, 40 та зирҳли машина, ҲАРМ радиолокацияга қарши ракеталар, 1,5 мингта ТОW танкка қарши ракета мажмуалари, минадан тозалаш воситалари ва Hummer ҳарбий автомобилларини ўз ичига олди.
Кейинроқ Politico нашри АҚШ ҳарбий ёрдам доирасида Украинага баъзи турдаги қурол-яроғлар етказиб берилаётгани ҳақида маълум қилмаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Изоҳ (0)