Афғонистоннинг бир қанча вилоятлари сув тошқинларидан жиддий зарар кўрди. Табиий офат оқибатида 35 киши ҳалок бўлди, 65 киши яраланди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ» Kabul News’га таяниб. «Толибон» жаҳон ҳамжамиятидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишни сўрамоқда.
«Биз халқаро ҳамжамиятдан, айниқса, исломий давлатлардан, хайрия ва гуманитар ташкилотлардан яқинда содир бўлган сув тошқини оқибатида жабр кўрганларга ёрдам бериш учун шошилинч чоралар кўришни ва ушбу муҳим паллада ҳамкорлик қилишдан бош тортмасликни сўраймиз», — дейилади «Толибон» ҳукумати баёнотида.
Сув тошқинлари оқибатида мамлакатда 3000 га яқин турар жой биноси вайрон бўлган. Минглаб қишлоқ хўжалиги ерлари зарар кўрган. Ҳукумат барча тегишли мутасадди ва идораларга жабрланганларга ёрдам бериш бўйича кўрсатмалар берган.
Аввалроқ Ҳиндистонда муссон ёмғирлари сабаб юзага келган сув тошқинлари ҳамда кўчкилар оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлган эди.
Мавзуга доир: Хитойнинг ғарбий қисмидаги сув тошқини оқибатида 17 киши ҳалок бўлди (видео)
Изоҳ (0)