Ўзбекистонлик ва америкалик мутахассислар агротехникумларни замонавий таълим муассасаларига айлантириш бўйича тажриба алмашмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, шу кунларда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари, Тошкент давлат аграр университети ва Жиззах вилоятидаги Ғаллаорол техникуми раҳбарияти вакилларидан иборат делегация хизмат сафари билан Америка Қўшма Штатларида бўлиб турибди.
«Агротехникумларни замонавий таълим муассасаларига айлантириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу сафар давомида лойиҳа қатнашчилари Лос-Анжелес шаҳридаги «Ридли Коллеж» техникумига борди. Унинг директори Жерри Бакли ва директор муовини Дейл ван Дам билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг меҳмонлар техникум ҳудудида жойлашган 60 гектардаги замонавий чорвачилик хоналари, интенсив ва анъанавий боғлар, лабораториялар ҳамда амалий механика йўналишидаги жараёнлар билан яқиндан танишди.
Учрашув доирасида икки томонлама ўқув режалари ва таълим дастурларини тузиш, педагог ходимлар тажрибасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олиниб, меморандум имзоланди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Лос-Анжелеснинг энг йирик хусусий интенсив боғида ҳам бўлди. Маълум қилинишича, XIX асрда ташкил этилган ушбу боғда етиштириладиган узум ва шафтоли ҳозирги пайтда маҳаллий ва Европа бозорларини ана шундай мевалар билан таъминламоқда. Мезбонлар томонидан бу каби интенсив боғларни ташкил қилишнинг замонавий усуллари, хусусан, экиш ва суғориш тизимларига оид кўплаб муҳим маълумотлар тақдим этилди.
Изоҳ (0)