Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида Жанубий Кореяга ишга жўнатишини айтиб фуқаронинг пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Департаментнинг Тошлоқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро М. фуқаро Р.ни танишлари ёрдамида Жанубий Кореяга ишга жўнатиш эвазига олган 5 400 доллардан 1 000 долларни қайтарган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шу каби ҳолат Фарғона шаҳрида июль ойида ҳам юз берганди. С.Д. исмли шахс фуқаро Й.Б.нинг ишончига кириб, танишлари орқали Жанубий Кореяга ишга жўнатишини айтиб, 10 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган, аммо пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборганди.
Изоҳ (0)