ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган шахс маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг қариндошини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Андижон шаҳридаги олийгоҳлардан бирига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтда ушланди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Оққўрғон туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган шахс фирибгарлик йўли билан маҳаллий фуқародан унинг танишини пойтахтдаги олий таълим муассасаларидан бирига ўзининг таниши орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган ушбу олий таълим муассасаси ходими ҳам 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Шунингдек, гўёки ўзини Давлат тест маркази ходими деб таништирган, 1997 йилда туғилган, Тошкент шаҳридаги университетлардан бирининг магистранти фуқародан унинг Тожикистон Республикасидаги институтларидан бирида таълим олаётган қариндошининг ўқишини Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчириб бериш эвазига 3 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бекобод шаҳар ИЖҚК департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳридаги МЧЖлардан бирининг иш бошқарувчиси фуқародан унинг Тожикистондаги олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олаётган қариндошини Тошкент шаҳридаги университетлардан бирига кўчириб бериш эвазига 2200 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Худди шундай, Бекобод туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган, ҳозирда Тожикистондаги университетлардан бирининг талабаси мазкур олийгоҳдаги бошқа талабанинг ўқишини Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчириб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)