Бухородаги «Ўзбекнефтгаз» корхонасига қарашли Enter Engineering компаниясига ишга жойлаштириш учун фуқародан 600 доллар олган шахслар ушланди. Бу ҳақда «Дарё»га Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Муроджон Раҳматуллаев хабар берди.
Компанияда ишловчи А.А. ҳамда С.Ғ. лар фуқаро Р.З.ни корхонага ишга кириши учун бўладиган имтиҳонлардан ўтказиб, ваколатли танишлари орқали ишга жойлаштириб қўйишни ваъда берган. Ва бунинг эвазига ундан 600 доллар талаб қилган. Р.З. эса пора бермай, ушбу корхонага ишга кириб бўлмаслигини англаб етган ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига маълум қилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамда Когон шаҳар бўлими, ИИБ ҳамда Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, Enter Engineering компанияси хавфсизлик хизмати бўлими ходимлари ҳамкорлигида Р.З.нинг аризаси юзасидан тадбир ўтказилган.
Жорий йилнинг 5 август куни тахминан соат 15:50 ларда Бухоро-Когон йўли ёқасида фуқаро А.А. ўзининг бошқарувида бўлган Gentra автомобилининг ичида С.Ғ. билан келишган ҳолда Р.З.дан 600 долларни олган вақтида далилий ашёлар билан жиноят устида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Когон шаҳар бўлими томонидан А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда 2-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)