Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрига етиб келган Тожикистон ҳарбий делегацияси кутиб олиниб, «Ҳамдўстлик—2022» биргаликдаги ўқуви жараёнларига старт берилганди. Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, биргаликдаги ўқув машғулотлари якунланган.
Қайд этилишича, 10 август эрта тонгдан Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари мудофаа вазирлари генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳамда генерал-полковник Шерали Мирзо, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва бошқа масъул шахслар «Ҳамдўстлик—2022» ўзбек-тожик ҳамкорликдаги ўқувининг асосий босқичи кузатган.
Ҳамкорликдаги ўқув режасига кўра икки давлат чегарасини бузиб кирмоқчи бўлган шартли душман тўдаларига мотоўқчи, танк, артиллерия ва бошқа жанговар бўлинмалар томонидан аниқ зарбалар берилган.
Амалий ўқув якунида Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари мудофаа вазирлари «Ҳамдўстлик—2022» ҳамкорликдаги ўқув иштирокчилари ва ташкилотчиларини эришилган ютуқлар билан табриклаган. Жараёнларда фаол қатнашган ҳар икки давлат ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари мудофаа вазирликлари томонидан таъсис этилган медаллар, эсдалик нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган.
Изоҳ (0)