Ўзбекистонда 2021 йилда 3 769 та коррупцияга оид жиноят иши судларга юборилган. Бу ҳақида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги ялпи мажлис олдидан бўлиб ўтган йиғилишида айтиб ўтилди.
Маълум қилинишича, ушбу жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 триллион 282 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3 бараварга ошган.
Аксарият коррупцияга оид жиноятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда банк тизими ташкилотларига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилган.
Бундан аввал Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг ялпи мажлис олдидан бўлиб ўтган қўмита йиғилишида 2022 йил 6 ойида давлат харидларида бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳамда бошқа коррупция кўринишлари билан боғлиқ 95 та жиноят фош этилиб, давлат манфаатларига 55,2 миллиард сўм зарар етказилгани маълум қилинганди.
Изоҳ (0)