Багама ороллари, шунингдек, Британияга қарашли Гернси ва Мейн ороллари Россиянинг «дўст бўлмаган» давлатлар ва ҳудудлар рўйхатига киритилди. Тегишли хабар Россия ҳукумати сайтида эълон қилинган.
Багама оролларининг ушбу рўйхатга киритилганига сабаб ҳудуд Россия Молия вазирлиги ва Марказий банки билан ҳар қандай операцияларни тақиқлаган эди. Гернси ва Мейн эса Буюк Британия томонидан Россияга қарши киритилган санкцияларни қўллаб-қувватлаган.
Россияда «дўст бўлмаган давлатлар» рўйхати 2021 йилдан тузила бошлади. Дастлаб унинг таркибига АҚШ ва Чехия кирди.
Украинада уруш бошланиб, санкциялар қўлланилгандан сўнг, Европа Иттифоқининг барча аъзолари, шунингдек, Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаган Япония, Австралия, Янги Зеландия, Украина ва бошқа баъзи давлатлар ҳам ушбу рўйхатга қўшилди.
«Дўст бўлмаган» мамлакатлар учун дипломатик ваколатхоналарида Россия фуқароларини ишга ёллаш имконияти чекланган. Бундан ташқари, Россиянинг жисмоний ва юридик шахслари «дўст бўлмаган» мамлакатларнинг кредиторлари билан кредит шартномаларида кўрсатилган валютада эмас, балки рублда ҳисоб-китоб қилиши мумкин.
Мавзуга доир: Россия Европанинг яна 5 мамлакатини «дўст бўлмаган» давлатлар рўйхатига киритди
Изоҳ (0)