Андижон ва Наманган вилоятларида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарлари аниқланди, деб хабар беради Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «Ж.Г.» МЧЖ раҳбари Т.М. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган 800 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини «А.Т.» МЧЖ ҳисоб рақамига ишлаб чиқариш дастгоҳларини сотиб олиш учун ўтказиб, кейинчалик ушбу дастгоҳларни нақд пулга сотиб юборгани аниқланган. Улар шу йўл билан кредит маблағини талон-торож қилган.
Шунингдек, Наманган вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Ш.Ф.» МЧЖ раҳбари Х.Й. ва бошқалар музлаткич омборини қуриш учун банк муассасасидан ажратилган 440 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини талон-тарож қилгани аниқланган. Улар пулларни «Т.Т.» МЧЖ раҳбари Б.П. орқали нақдлаштириб олиб ўзлаштирган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)