Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг 15 июль кунги Самарқандга ташрифи Ислом Каримов мақбараси зиёратидан бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, у давлат раҳбари ҳамроҳлигида мажмуага бориб, биринчи президент қабрига гул қўйган. Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинган.
Туркманистонлик меҳмонлар Мирзо Улуғбек музей-мажмуасини бориб кўрган. Ушбу мажмуа Мирзо Улуғбек қурдирган расадхона ёнида ташкил этилган. Музей икки зал ва олти бўлимдан иборат. Ундан ўша даврга оид юздан зиёд ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбоби ўрин олган.
Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Амир Темур мақбарасини ҳам зиёрат қилган. Унинг руҳига Қуръон тиловат қилинган. Меҳмонларга Амир Темурнинг ҳаёти, саркардалик маҳорати, улкан давлати ҳақида сўзлаб берилган.
Шундан сўнг давлат раҳбарлари Регистон мажмуасига ташриф буюрган. Мажмуадаги уч обида – Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг тарихи ҳақида сўзлаб берилган. Меъморчилик анъаналари, мақбаралардаги нақшлар ва улардаги маънолар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотган.
Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов шу ерда эсдалик учун суратга тушган.
Изоҳ (0)