Ўзбек санъат вакиллари орасида атрофдагиларнинг ишончсизлиги сабаб институтга қабул қилинмаган, кастингдан ўтиб ролга тасдиқланмаганлар кўп. Ҳатто, атрофдагилар баъзиларининг санъаткор бўлишига ҳам шубҳа билан қараган. Бироқ инсон орзу ва мақсадлар сари олға илдамласа, ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтиш мумкин. Қуйида машҳурларнинг шу ҳақдаги сўзларига қулоқ тутамиз.
Раъно Ярашева: «Болам билан имтиҳондан ўтказишмаган»
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева илк турмушидан ажраб, отасининг розилиги билан санъат олийгоҳига ҳужжат топширганида устозлар имтиҳондан ўтказишмаган. Улар ёш болали аёл яхши ўқишига ишонмаган.
— Илк марта санъат институтига имтиҳон топширганимда қабул қилишмаган. Раҳматли Арсен Исмоилов Ярашаеванинг қўлида ёш боласи бор экан, у билан ўқишга қийналади, деб паст балл қўйган. Ундан қаттиқ хафа бўлиб, йиғлагандим. Чунки ўшанда дадамдан аранг рухсат олиб, Тошкентга келгандим. Ўқишга киролмадим, десам қайта ўқишга юбормаслиги мумкин эди. Шуларни ўйлаб роса қийналгандим. Имтиҳон жавоблари чиққач, устозлар ўтирадиган хонанинг эшиги тагида туриб «Нега менга ишонмайсизлар? Мен яхши ўқийман», деб ялиниб, ёлворганим ёдимда. Шунда устозлардан бири сиртқи бўлимда ўқишни тавсия қилган. Бир йил нима иш қиламан, деб телевидениега ишга борганман. Ишга ололмаймиз, дейишларидан қўрқиб, ҳаётимни рўй-рост гапириб бергандим. «Турмушдан ажраб, отамни аранг кўндириб Тошкентга ўқишга келдим. Агар ўқишга киролмаганимни дадам билса, мени қайта бу ерга жўнатмайди ёки турмушга бериб юборади», — деганман. Шундан сўнг ишлаб, бир йилдан сўнг сиртқи бўлимга ўқишга кирганман, — дейди актриса Раъно Ярашаева.
Ўткир Мелиев: «Тоғлик куёв ролини ишонишмаган»
Аслида «Тоғлик куёв» фильмида Йўлчи Ортиқов эмас, Ўткир Мелиев суратга тушиши керак эди. Афсуски, кастингдан ўтган актёр қандайдир сабаблар билан фильмдан четлатилган.
— Илк ролим тоғлик куёв бўлиши керак эди. Кастингдан ўтганман, телевидениедан институтга хат ҳам юборишган. Ректоримиз дарсларни ўзлаштириш шарти билан ўқишдан озод қилган. Устозим Арсен Исмоилов ҳам оқ йўл тилаб дуо қилган. Съёмка бошланишидан бир кун аввал ётоқхонада ош қилиб, дўстларимни меҳмон қилгандим. Фильм ижодкорлари мени эрта тонгда «Космонавтлар» метросидан олиб кетишлари керак эди. Белгиланган вақтда метро ёнига бориб кутганман. Ўша пайтда мендан бахтли инсон йўқ эди. Санъат институтининг аввалги биноси «Космонавтлар» метросига яқин эди. Қувонганимдан таниш талабаларга съёмкага кетаётганимни айтдим. Афсуски, фильм ижодкорлари келишмади, уларни 17:00 га қадар кутиб, ҳафсалам пир бўлиб ортимга қайтгандим. Жуда ёмон ҳолатга тушиб қолгандим, аммо бугун бўлмаса эртага чақиришса керак, деган умид бор эди. Орадан беш кун ўтиб, кастинг топширган йигитлардан бирини учратиб қолдим. У фильм съёмкаси тоғда бўлаётганини ва ролга бошқа актёр тасдиқланганини айтди. Шу воқеадан кейин санъат мен учун эмас экан, деб Сурхондарёга қайтиб кетмоқчи бўлганман. Бир йилдан кейин «Сардор» сериалига таклиф этишган. Аммо барибир «Тоғлик куёв»да кастингдан ўтдинг, деб съёмкага чақиришмагани қаттиқ таъсир қилган, — дейди актёр Ўткир Мелиев.
Ҳилол Насимов: «Режиссёр бўлиб нима қиласан, дейишган»
«Алданган аёл», «Меросхўр», «Тубанлик» каби фильмлари билан томошабинларга яхши таниш бўлган режиссёр Ҳилол Насимовга устози бу соҳани эгалламасликни тавсия қилган. Онаси эса санъат ўғлини хор қилади, деб ҳисоблаган экан.
— Режиссёр бўлишимга биринчилардан бўлиб онам ишонмаганлар. «Бизнинг авлодимиздан катта лавозимдаги ва санъат одамлари чиқмаган. У ерда хор бўлиб кетасан», деб қаршилик билдирган. Ундан кейин режиссёр Равил Ботиров аттестатимни кўриб, «Сен бола яхши ўқир экансан, олтин медал ҳам олибсан, режиссёр бўлиб нима қиласан? Бошқа касбнинг этагидан тутсанг-чи», деб маслаҳат берганди.
Замира Бешимова: «Актриса бўлишимга ишонишмаган»
Содда ва камгап Замира Бешимованинг актриса бўлишига ҳеч ким ишонмаган. Ҳатто қарорини атрофдагиларга айтганда устидан мазах қилиб кулган пайтлари ҳам бўлган.
— Болалигимда жуда содда, камгап қиз бўлганман. Аммо баҳоларим аъло бўлган. Шу боисдан мени ўқитувчи, нари борса журналист бўлади, деб ҳисоблашган. Актриса бўламан, десам кулган вақтлари ҳам бўлган. Мусиқали комедия театри ишга кирганимда энг баланд пардалардан куйлашни, ўз имкониятимни кўрсатишни истардим. «Сенга ҳали бор» дейишганда, худди уддалай олмайсан, деб тушунганман.
Актриса бўлганимда «Бу ролни ўйнолмайди», қўшиқ айтишни бошлаганимда эса «Бир ками шу қолувди қўшиқ айтмаган», деган фикр кўп бўлган. Педагоглик қилишни бошлаганимда ҳам шунга ўхшаш гапларни эшитганман. Негативчилар ҳамиша бор ва бундай кейин ҳам бўлади. Энг ёмони улар негатив фикрлардан бошқа ҳеч нарсани уддалай олишмайди, — дейди актриса Замира Бешимова.
Фаррух Раимов: «Продюсеримни айнитишган»
Фаррух Раимовнинг продюсерини машҳур хонанда «айнитган». Унга ҳурмат қилган ижодкорининг «Фаррух билан ишламанг, барибир у кўтарилмайди. Пул тиккандан фойда йўқ», деган гапи алам қилган.
— Ҳаётимда ишонч билдирмаган ёки атайин оёқдан чалиш ҳолатлари кўп бўлган. Масалан, бир продюсер билан келишувга эришиб, иккита қўшиқ яратганимда бирдан фикридан қайтиб қолган. Бунинг сабабини сўрасам, «Сен ишонган хонанда Фарҳод Саидов Фаррух билан ишламанг, барибир у кўтарилмайди. Пул тиккандан фойда йўқ», деб айтди деган. Рости бу гаплардан ажабландим ва продюсер ишонмасанг, телефон қил дегани учун Фарҳод акага қўнғироқ қилдим. «Ака, продюсеримга нега бундай дедингиз, санъатда ўз ўрнимни топишга ҳаракат қилаётганимни биласиз-ку», дедим. У бу гапларни инкор этиб, ҳеч кимга бундай демаганлигини айтди. Орадан икки дақиқа ўтмай продюсерга қўнғироқ қилиб, «Нега мен айтганимни айтдингиз? Менга қўнғироқ қилди», деганидан кейин ҳафсалам пир бўлганди. Меҳнат қилаётган инсонга ишонч билдиришмаса, қаттиқ алам қиларкан, — дейди хонанда Фаррух Раимов.
Зуҳра Солиева: «Саккиз йилда ҳам ‘штат’га олишмади»
Актриса Зуҳра Солиева 8 йил Ўзбек миллий академик драма театрида ишга киришга ҳаракат қилган. Афсуски, раҳбарлар уни «штат»га ишга олишни исташмаганидан кейин театрдан бутунлай кетишга қарор қилган.
— Театрда гонорар асосида ишласам-да, сидқидилдан меҳнат қилардим. Рол танламасдим, қаерга гастрол сафарига жўнатишса борардим. Яхши ишласам, мени ҳам «штат»га ишга олишади, деган умид бор эди. Аммо 8 йилда ҳам ишга олишга лойиқ кўришмади. Раҳбарлар ишонишмади ёки баъзи инсонларнинг хоҳиши сабаб театрда четлаштиришди. Атрофимдаги одамларга бу ҳақда айтсам кулишади, деб қўрқардим. Шу боис кечқурун уйга келиб, ойнанинг қаршисида уввос солиб йиғлардим. Атрофдагиларнинг ишонч билдиришмаслиги жуда ёмон ҳолат. Ўшанда театрга ишга олишмаса ҳам кинода ўз ўрнимни топаман, бу ердан кўра кўпроқ пул топаман деб аҳд қилганман. Аммо театрга бўлган муҳаббатим сўнгмаган, жонли саҳнани ҳануз соғинаман, — дейди актриса Зуҳра Солиева.
Миркамол Қорабоев: «Жалолиддин Мангуберди ролини беришмагани алам қилди»
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг «Мендирман ўша» клипида суратга тушган актёр Миркамол Қорабоев Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги сериалда ҳам суратга тушиши керак эди. Аммо рол унга эмас, турк актёрига насиб этди.
— Озодбек Назарбековнинг «Мендирман ўша» клипида суратга тушганимдан кейин қўнғироқ қилиб, Жалолиддин Мангуберди ҳақида сериал суратга олинишини ва бош ролга тасдиқлашгани ҳақида айтишди. Ҳақиқатан ҳам қувондим. Чунки тарихий сериалда бош ролни ижро этишни ҳар бир актёр орзу қилади. Кейин орадан анча вақт ўтиб, Ўзбекистонда ўтказилган кастингга таклиф этишди. Бир кун аввал ташланган кастинг шартларига тайёрланиб бордим. Аммо кейин кастингдан аввал сериалнинг илк тизери намойиш этилганини, Жалолиддин ролини турк актёри ижро этганлигини эшитиб ҳафсалам пир бўлди. Умид уйғотиб, рол тасдиқланиб бўлгач, кастингга чақиришгани алам қилди. Майли, бу сериалга ризқим қўшилмаган экан, — дейди актёр Миркамол Қорабоев.
Алишер Узоқов: «Онамга мендан актёр чиқмайди дейишган»
Алишер Узоқов санъаткорлар оиласи вакили бўлса-да, онаси Шоҳида Узоқовага «Ўғлингиздан драма актёри чиқмайди» дейишган экан. Бу гап бўлажак актёрга қаттиқ таъсир этгани аниқ.
— Ҳозирги ёшларга актёр бўлиш қийин. Чунки мен битирган йили курсимиздан тўртта актёр чиққан. Менимча, ҳозир бу рақамлар анча кўп бўлса керак. Аммо натижа йўқ.Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ҳужжат топширгани борганимда эшик ёнида ўтирган назоратчи исминг нима деб сўраган. «Алишер» деса бироз ўйланиб қолиб, онамга қараб «Шоҳида, бундан актёр чиқмаса керак, яхшиси қўғирчоқ театри актёрлиги бўлимига ҳужжат топширсин», деб маслаҳат берган, — дейди Алишер Узоқов.
Мавзуга доир:
- «Алданган аёл» кастингидан ўтолмаган Нигора, Тахмина образидан қуруқ қолган Дурдона. Фильм ва сериаллардаги машҳур ролларни турли сабабларга кўра ижро эта олмаган актрисалар (фото)
- Машҳура Зулфиқорова, Миролим Қиличев, Барчин Ғофурова ва салбий роллари учун томошабинлар нафратига учраган бошқа актёр ва актрисалар (фото, видео)
Изоҳ (0)