Андижон вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Отабек Турсунов ишдан олингани айтилмоқда. Бу ҳақда манбаларига таяниб «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Таъкидланишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 2022 йилнинг 27 июнь куни ўтказилган ҳокимлик соатида Отабек Турсунов фаолиятида камчиликка йўл қўйгани ҳақида айтиб, эгаллаб турган лавозимидан олинганини маълум қилган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати масъуллари Турсуновнинг ишдан олингани бўйича ҳозирча расмий маълумот йўқлигини, бироқ у ўн кундан буён ишга чиқмаётганини билдирган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасидаги манба Отабек Турсунов лавозимидан озод қилишларини сўраб ариза ёзиб берганлигини, аммо натижаси ҳақида маълумот йўқлигини таъкидлаб, Турсунов айни пайтда меҳнат таътилида эканлигини маълум қилган.
«Дарё»нинг вилоят ҳокимлигидаги манбаларига кўра, Турсуновнинг ишдан олинишига вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги муаммоли кредитлар қолдиғи юқорилиги, муаммоли кредитларни ундириш ва ажратилган кредитлардан самарали фойдаланишда камчиликларга йўл қўйилганлиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Отабек Турсунов 2021 йилнинг февраль ойидан буён ушбу лавозимда фаолият юритиб келаётган эди.
Изоҳ (0)