НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари Мадриддаги саммитда альянснинг янги стратегик концепциясини маъқуллади. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди.
Олдин хабар қилинганидек, Россия янги концепцияда альянс хавфсизлигига «энг асосий ва бевосита таҳдид» сифатида белгиланган. Шунингдек, ҳужжатда Хитой НАТОнинг «манфаатлари, хавфсизлиги ва қадриятлари»га қарши курашаётган давлат сифатида тилга олинади.
«Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва уларнинг бир-бирини тўлдирувчи қоидаларга асосланган халқаро тартибни бузишга уринишлари бизнинг қадриятларимиз ва манфаатларимизга зиддир», — дейилади НАТОнинг янги концепциясида.
Бундан ташқари, халқаро терроризм, Африка ва Яқин Шарқдаги беқарор вазият, шунингдек, иқлим ўзгариши НАТОнинг янги стратегик концепциясида чақириқ ва таҳдид сифатида тилга олинган.
Янги концепция 2030 йилга қадар тасдиқланади.
НАТОнинг 2010 йилда қабул қилинган аввалги стратегик концепциясида Россия ҳамкор давлат сифатида белгиланган, Хитой эса умуман тилга олинмаган эди.
Изоҳ (0)