Ўзбекистонда 1 мартдан бошлаб экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланган эди. Ҳисоб палатаси ушбу тадбир доирасида баҳор мавсумида дарахт кўчатларини экиш жараёни ва амалга оширилган ишларнинг ҳаққонийлигини ўрганиб чиқди.
Маълум қилинишича, 2022 йил йил бахорги мавсумнинг ҳисоботларига кўра, Республика бўйича жами 129,6 миллион дона кўчатлар экилган. Шу билан бирга, ўрганишлар натижасида тадбирнинг тўлақонли ижросига айрим ҳудудларда ҳокимликлар, мутасадди ташкилот ва идора раҳбарлари томонидан етарли эътибор қаратилмагани аниқланган.
Жумладан:
- дарахт экиш ишларини тизимли ташкил этмасдан, суғориш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар бириктирилмаган;
- ҳақиқатда экилмаган 6,2 миллион дона кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган;
- 3,4 миллион дона кўчатлар дарахт ва кўчатлар суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган;
- 2,4 миллион дона кўчатлар сувсизлик ва етарли парвариш бўлмаганлиги сабабли баҳор тугамасдан қуриб нобуд бўлган;
- ернинг табиий иқлим хусусиятларини инобатга олмаган ҳолда 341 минг дона кўчатлар яроқсиз ерларга экилган бўлиб, 65 минг донасида кўчатлар орасида белгиланган масофа сақланмаган.
Қайд этилишича, ўрганиш натижаларига кўра Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирликларга аниқланган камчиликларни танқидий муҳокама қилиб, қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, шу жумладан, кўчатларни парваришлашга жиддий эътибор қаратиш ва масъулларга кескин интизомий чоралар кўриш юзасидан топшириқлар берилди.
Ҳисоб палатаси томонидан Экология ва Ўрмон хўжалиги қўмиталари билан биргаликда экилган кўчатларнинг парвариши устидан ҳам назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» дастури доирасидаги ишларни ҳам муҳокама қилиб, «жойларда ишлар номигагина бажарилиб, кўзбўямачилик давом этаётганидан хабарим бор», деб айтганди.
Изоҳ (0)