Андижонда вояга етмаган икки бола қасддан ўлдирилиб, ўзи яшаётган хонадонга кўмилгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура болаларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят фош этилганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, жиноятни фош қилишга қаратилган тезкор-тергов тадбирлар натижасида мазкур жиноят Избоскан туманида яшовчи 27 ёшли аёл томонидан содир этилгани аниқланган.
Аниқланишича, ушбу аёлнинг номида бўлган уйда 2022 йил апрель ойидан буён қариндоши (холаваччаси) 2 нафар вояга етмаган фарзанди (ўғли 10 ёш, қизи 7 ёш) ва бувиси билан яшаб келишган.
Аёл кўрсатувида, холаваччаси сабаб оиласи бузилиб кетгани учун юкларини ўз уйига олиб келмоқчи бўлганида холаваччаси бунга қаршилик қилгани, унга уйни бўшатиб қўйиш ҳақида қўйган талабини ҳам рад қилиб келаётганини билдирган.
Шунда аёл холаваччасидан қасд олиш мақсадида унинг уйда йўқлигидан фойдаланиб ҳамда бувиси кўриш ва эшитиш қобилияти пастлигини билган ҳолда 16 июнь куни уйга келиб, холаваччасининг 2 нафар фарзандини қасддан ўлдириб, жасадларини уйнинг айвон қисмидаги пол тагидаги ертўлага яширган.
Ҳозирда гумонланувчи аёл процессуал тартибда ушланган.
Изоҳ (0)